Главная » 2017 » Август » 4

Шавкат Мирзиёев Юлдуз Усмонова, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитовага коллеж директорлигини таклиф қилди


  • Ies_92uz
  • 04 Авг 2017(16:46)
  • 806
  • 0

Қизиқ, юқорида номлари келтирилган санъаткорлар бу таклифни қандай қабул қилишар экан.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижодколар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон халқ артистларига мусиқа мактаблари ва коллежларга директор бўлишни таклиф этди.
 
Бу ҳақда сўз юритар экан, Комилжон Отаниёзовни хотирлаб, унинг нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиё бўйича қанча-қанча шогирдлари борлигига алоҳида урғу бериб ўтди. “Қани, айтинг-чи, бугун қайси Халқ артистимиз ўзининг шундай муносиб шогирдлари борлиги, шогирдпарварлиги билан мақтана олади?”, дея санъаткорларга юзланди Президент.
 
“Шу саволлардан келиб чиқиб, сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Республикадаги ҳар бир мусиқа ва санъат мактабига, ижодий марказларга таниқли адабиёт, санъат ва маданият намояндаларини бадиий раҳбар ёки директор сифатида тайинласак, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб берсак, нима дейсизлар?
 
Мана, даврамизда Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, Гулсанам Мамазоитова каби Халқ артистлари ўтирибди. Сизларнинг ҳар бирингиз биттадан санъат коллежи ёки мусиқа мактабига бориб раҳбарлик қилсангиз, мен ўйлайманки, бундан санъатимиз фақат ютган бўлар эди. Айни вақтда юзлаб шогирдлар етиштириб, ўзингизга ҳайкал қўйган бўлардингиз.
 
Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовни ёш дикторлар мактабига раҳбар қилиб қўйсак, иқтидорли ёшларимиз у кишидан жуда кўп билим ва тажрибаларни ўрганган бўлар эди.
 
Машҳур созандамиз Абдуҳошим Исмоиловнинг мақом ансамблига раҳбарлик қилиши албатта яхши. Лекин у кишининг ижодий салоҳиятидан ёшлар ҳам баҳраманд бўлса, нур устига нур бўларди. Мен мақом йўналишида янги коллеж ёки мусиқа мактаби очишни, унга Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинлашни таклиф қиламан”.
 
Қизиқ, юқорида номлари келтирилган санъаткорлар бу таклифни қандай қабул қилишар экан. Яқиндагина Президент Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни “Ёшлар” телерадиоканалига директор этиб тайинлаган эди. Кўп ўтмай Назарбеков бу мансабдан воз кечиб, телеканалда прдюсер ва бошловчи бўлиб қолишни маъқул кўрди. 

Всего комментариев: 0
avatar