Главная » 2016 » Январь » 11

Тўёнани пластик картадан берсам бўладими? Йўғе?


  • Admin
  • 11 Янв 2016(16:13)
  • 605
  • 0
 
  • Нима бўлди?
  • P2P нима?
  • Click’да бунақа хизмат аллақачон бор эди, шекилли?
  • Пулни қандай ўтказаман?
  • Картамда 5 миллион бор, ҳаммасини бирдан бошқа картага ўтказа оламанми?
  • Қойил, энди пластик картадан тўёна бераверсам бўларкан-да?
  • 1. Нима бўлди?

    «Алоқабанк» пластик карта эгалари учун янги — «Алоқабанк»нинг бир пластик картасидан «Алоқабанк»нинг иккинчи пластик картасига техник воситалар, масалан, смартфон орқали пул ўтказиш (P2P) имкониятини тақдим этди. Ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг ҳеч бир молия муассасаси ўз мижозларига бундай хизматни таклиф қилган эмас.

    2. P2P нима?

    UzCard миллий тўлов тизими маълумотларига кўра, ахборот-технологик ечимлар мажмуи ҳисобланган P2P хизмати ёрдамида, дейлик, «А» деган банкнинг картаси эгаси мобил дастур, веб-интерфейс ёки бошқа техник восита орқали ўша «А» ёки бошқа «Б» банкнинг мижози ҳисобланган қабул қилувчининг картасига пул маблағларини ўтказиш мумкин.

    3. Click’да бунақа хизмат аллақачон бор эди, шекилли?

    Йўқ. Click таклиф қилаётган хизматлар орасида «Трансфер» хизмати бор — компания сайтида берилган йўриқномаларда Click фойдаланувчиси шу хизмат орқали картадаги пул маблағларини бошқа бир Click фойдаланувчиси ҳисобига ўтказа олиши ҳақида маълумот берилган. Бироқ, компания Контакт-маркази бу хизмат ҳозирда фақат тест режимида ишлаётганини маълум қилди. Хизматдан фойдаланишга муваффақ бўлган фойдаланувчиларнинг қайд этишича, Click’да кўрсатилган хизмат сизнинг пластик картангиздаги пулни бошқа Click фойдаланувчисининг пластик картаси ҳисобига эмас, балки Click доирасидаги ҳисобига туширади.

    4. Пулни қандай ўтказаман?

    Uzcard миллий тўлов тизимида рўйхатдан ўтиш керак. Тизимда веб-сайт орқали ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин, лекин Uzcard’нинг мобил дастури кўп жиҳатдан қулай. Рўйхатдан ўтиб бўлганингиздан сўнг, пул ўтказиш формасига тўловни қабул қилиб олувчининг картаси рақами ва ўтказиладиган суммани киритиш керак. «Алоқабанк»нинг Пластик карточкаларни бошқариш бўлими бошлиғи Наима Мирзаеванинг «Дарё»га маълум қилишича, февраль ойи охирларидан бошлаб, банк сайтидаги персонал саҳифа орқали ҳам пластик картадаги пул маблағларини ўтказиш/қабул қилиш мумкин бўлади.

    5. Картамда 5 миллион бор, ҳаммасини бирдан бошқа картага ўтказа оламанми?

    Йўқ. Бир ойда бир картадан бошқа карталарга ўтказилган пул маблағлари миқдори 1 миллион сўмдан ошиб кетмаслиги керак. Ёдда тутиш лозим: «Алоқабанк» ҳар бир ўтказмадан камида 100 сўм, кўпи билан ўтказилаётган пул миқдорининг 2 фоизи миқдорида хизмат ҳақи олади. Дейлик, 1 сўмни бошқа картага ўтказсангиз, «Алоқабанк» хизмат ҳақи учун сиздан 100 сўм ечиб олади, бирдан 1 миллион ўтказсангиз, хизмати учун 20 минг сўм олинади.

    6. Қойил, энди пластик картадан тўёна бераверсам бўларкан-да?

    Албатта! Қуйидаги шартлар бажарилса кифоя: сиз ҳам, тўй эгаси ҳам «Алоқабанк» пластик картасидан фойдаланишингиз керак (ҳозирча), сизнинг ҳам, тўй эгасининг ҳам картаси онлайн тизимида ишлаши керак, ўтказиладиган пул миқдори 1 миллиондан ошиб кетмаслиги керак.

Теги: Тўёнани пластик картадан берсам бўл

Всего комментариев: 0
avatar