Главная » 2015 » Октябрь » 11

Уч нафар ўзбекистонлик боксчи Қатардаги жаҳон чемпионати финалига чиқдилар


  • Akhmad
  • 12 Окт 2015(00:44)
  • 308
  • 0

11 октябрь куни Қатарда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финалида уч нафар боксчимиз рингга кўтарилди.

56 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Муроджон Ахмадалиев ҳиндистонлик рақиби Тхапа Шива билан беллашди. Бу боксчилар 5 ҳафта илгари Таиландда бўлган Осиё чемпионатида ҳам ўзаро рўбарў келишган эди. Ўшанда Ахмадалиев рақибини мағлуб этган.

 

 


Боксчиларнинг бу галги беллашувида ҳам ҳамюртимиз устунликка эришиб (3:0), жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи финал босқичига йўл олди. У энди олтин медаль учун ирландиялик Майкл Конлан билан кураш олиб боради.

64 кг. вазн тоифасида рингга кўтарилган Фазлиддин Ғоибназаров чорак финалда Лондон Олимпиадаси бронза медали соҳиби, Европа ўйинлари, Европа ва жаҳон чемпионати совриндори италиялик Винченсо Манжакапрени доғда қолдириб, ярим финалга етиб келди.

 

Ҳамюртимиз бу босқичда таиландлик Масук Вуттичай билан финал йўлланмаси учун беллашди. Бу жуфтлик бир-бирига бегона эмас. Улар Бангкокда ўтган жаҳон чемпионатида учрашган ва ҳамюртимиз Осиё чемпиони (2009 ва 2015) ҳамда Осиё ўйинлари (2014) ғолибини мағлуб этишнинг уддасидан чиқа олмаган.
Бу сафар эса унда ўша мағлубият учун реванш олиш имкони пайдо бўлди ва бундан ҳамюртимиз унумли фойдаланиб, рақибини мағлуб этди ва финалга йўл олди. Унинг финалдаги рақиби Толедо Лопез (Куба) – Виталий Дунайцев (Россия) жуфтлиги ғолиби бўлади.

75 кг. вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Бектемир Мелиқўзиев мусобақадаги илк жангини грузиялик Квачатадзе Заалга қарши ўтказиб, рақибини нокаутга учратди ва бу жанг турнирнинг биринчи кунидаги энг яхши жанг дея эътироф этилди.

Кейинги босқичда у франциялик Кристиан Мбиллиассомони таслим этган бўлса, чорак финалда Европа чемпиони ва WSBда мағлубиятсиз иштирок этаётган россиялик Петр Хамуковни доғда қолдириб, финал остонасига етиб келди.

Финалга бир қадам қолганда у Европа ўйинлари-2015 турнирида зафар қучиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ирландиялик Майкл О’Райли билан беллашди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувда Бектемир рақибидан кучли эканлигини исботлаб (2:1), терма жамоамиз вакиллари орасида учинчи бўлиб финалга йўл олди. Унинг финалдаги рақиби кубалик Арлен Лопез бўлади.

Теги:

Всего комментариев: 0
avatar