Главная » 2015 » Ноябрь » 20

Ўзбекча “Терминал”: фарғоналик эркак 2 кундан буён Шереметьево аэропортида яшашга мажбур


  • News
  • 20 Ноя 2015(20:24)
  • 577
  • 0
Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида туғилиб ўсган Олтиев Музаффар Ҳайдаралиевич мана 2 кундирки Москва аэропортларидан бирида туришга мажбур. Музаффар Россияда 2007 йилдан яшаб келади. У Рязань шаҳридаги япон ва итальян ошхоналарининг энг яхши ошпазларидан бири ҳисобланади. Россияда у Анастасия исмли аёл билан учрашиб, 2015 йил январида никоҳдан ўтди.

Бир куни унга Россия Федерациясига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар келди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Исмоилов 2015 йил мартида унга ёрдам беришни бошлади. Тақиқни қўйган орган – Федерал миграция хизмати бошқармасига мурожаат натижаси бермагач, улар судга ариза киритишган. Люберецк шаҳар суди судьяси И. Э. Лобойко Музаффар ҳеч қандай қонунларни бузмагани, шу боис унга қўйилган тақиқ ноқонунийлигини аниқлади. Суд ҳукми билан Москва вилоят Федерал миграция хизмати бошқармаси қарори ноқонуний деб топилди. Бу ҳукм миграция хизматига етказилиб, Олтиев тақиқ рўйхатидан чиқарилишига эришилди.

Ҳукм чиқарилганидан 30 кун ўтиб, Музаффар Россиядан чиқиш ва қайта кириш ва миграцион карта олиш учун 17 ноябрь куни Шереметьево халқаро аэропортига йўл олди. Давлат чегарасидан ўтиш пунктида уни тўхтатиб қолишди. Маълум бўлишича, Москва вилоят Федерал миграция хизмати бошқармаси Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизматига зарурий ҳужжатлар пакетини йўлламагани ва унга нисбатан тақиқи кучда эканлиги маълум бўлди. Суҳбат асносида чегара хизмати ходимлари, зарурий ҳужжатлар йўқ экан, суд қарори муҳим эмаслигини таъкидлашгани айтилмоқда.

Шундан буён Ўзбекистон фуқароси аэропортнинг F терминали транзит зонасида яшашга мажбур бўлмоқда. У расман Россия Федерациясидан чиқиб кетиб, энди кира олмаяпти. Чегара хизмати ходимлари унга рухсат беришмаяпти.
“Ҳеч нимани эслатмаяптими?”, - савол беради блог муаллифи, Том Хэнкс иштирокидаги “Терминал” фильмига ишора қилар экан.

Баҳром Исмоилов хабарни қуйидаги сўзлар билан якунлади:
“Агар сиз Шереметьево аэропортининг F терминали орқали учаётган бўлсангиз, Музаффарга овқат, сувдан ёрдам беринг. У терминалда яна қанча вақт бўлиши номаълум”.

Маълумот учун, 2004 йили Стивен Спилберг томонидан суратга олинган “Терминал” фильмида Югославиядан Нью-Йоркка учиб келган, лекин аэропортга келиб тушиши билан мамлакатида тўнтариш бошланиб, паспорти истеъмолдан чиққани боис виза ололмаган фуқаронинг аэропорт терминалида ўтказган кунлари тасвирланган. Фильм, ўз навбатида, эронлик қочқин, 1988 йил 26 августидан 2006 йил июлига қадар Париждаги Шарль де Голль номли халқаро аэропортда истиқомат қилган Меҳран Каримий Носирий ҳаётидан илҳомланиб яратилган.
Всего комментариев: 0
avatar