Главная » 2016 » Февраль » 19

ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИНИ ХОРИЖГА НОҚОНУНИЙ ЖЎНАТИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН ЖИНОИЙ ТЎДА ФОШ ЭТИЛДИ


  • voydodaxek
  • 20 Фев 2016(00:16)
  • 699
  • 0

Қай йўл билан бўлмасин, кўпроқ ва тезроқ пул топиш илинжидаги одамлар гоҳида тузукроқ таклиф чиқиши билан хорижга ишлагани бориш пайида бўлишади. Ўзлари истаган жойга бориш учун қонунни бузиб, ўзи ва яқинлари ҳаётини, келажагини таҳдид остига қўйишга ҳам тайёр туришади. 

Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган Қобил Толипов, Ҳасан Файзиев ва Фазлиддин Ҳусановлар ҳам ана шундай кимсалар орқасидан пул ишлашга қарор қилишди. Янаям тўғрироғи улар энг оғир ва шармандали жиноят — одам савдосига қўл уришди. Аслида улардан бири аллақачон элликни уриб қўйган, иккинчиси 46 ёшда эди. Муқим иш жойига эга бўлмаган “уч оғайни” қозоғистонлик Олимжон Ортиқбоев (айни пайтгача  Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшаб келган)  билан тил бириктириб, Ўзбекистон фуқароларини Қозоғистон ва Россияга ноқонуний жўнатиш бўйича “канал”очишган.

Бу тўда белгиланган режа бўйича ишлар, унинг ҳар бир аъзосига жиноий фаолиятнинг муайян йўналиши белгилаб берилган эди. 

Хусусан, Ф.Ҳусанов ғурбатда ишлаб пул топмоқчи бўлганларнинг рўйхатини тузиш бўйича масъул эди. У ана шу мақсадда алоҳида журнал тутган – “маълумотлар базаси”ни яратган бўлиб, унда барча муҳожирларнинг исм-фамилияси, улар жўнаб кетиши ва манзилга етиб бориш вақтлари ҳақидаги маълумотлар ўрин олганди. У жиноий тўданинг ҳисоб-китоб ишларини ҳам бажарар, барча кирим ва чиқимлар унинг назорати остида эди.

Асосан Фарғона водийсидан келадиган фуқароларни пойтахтнинг белгиланган жойида тўплаш вазифаси эса, бир пайтлар Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисмида хизмат қилган Қ.Толиповга топширилган эди. Ф.Ҳусанов тузган рўйхат бўйича Қ.Толипов одамларни “Қўйлиқ” бозори яқинида тўплар ва ўзининг “Дамас” автомашинасида Қозоғистон чегараси яқинидаги назорат пунктига қадар олиб борарди. 

Ҳ.Файзиев жиноий фаолиятда алоҳида ўринга эга бўлиб, ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан яхшигина алоқаси бор эди. Бу эса, айрим ҳолатларда жиноий жавобгарликни четлаб ўтишда қўл келарди. Файзиев меҳнат муҳожирларини “Ғишт-кўприк” чегара постидан ўтказиб, уларни қозоғистонлик шериклари қўлига топшириш билан шуғулланарди. “Чегара ортида”ги ишлар Жамила исмли аёл зиммасига юкланар, унинг назорати остида ўзбекистонлик фуқаролар бошқа машинага ўтириб, ноқонуний йўллар билан Россия ҳудудига кириб боришарди. 

Олимжон Ортиқбоевнинг роли Тошкент вилоятидаги одамларни  тўплаш ҳамда вақтинча яшаш жойлари билан таъминлашдан иборат эди. О.Ортиқбоев фарғоналик, 29 ёшли Раҳматулло Қаландоровни шерик қилиб олгач, “тирик товар”ларни тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, белгиланган божхона пунктларни четлаб ўтган ҳолда Ўзбекистон ҳудудидан чиқаришни таъминлаш  билан шуғуллана бошлади. 

Ушбу тахлит иш юритган гуруҳ 2013-2015 йиллар оралиғида жуда кўп одамларни қўшни давлатга чиқариб юборишган. Воситачилардан ҳар бири ўз хизматлари учун мўмайгина пул ишлаб келган. Бу йўлда эришилган ҳар бир “ғалаба” ҳамтовоқларни янада куч-ғайратга тўлдириб, навбатдаги жиноятларга ундаган.

Муҳожирларнинг охирги гуруҳи улар томонидан 2015 йилнинг май ойида Қозоғистон ҳудудига йўналтирилган. Айни шу даврда мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органлари фуқароларимизни ноқонуний тарзда қўшни ўлкага юбориб келган бу жиноий тўдани фош этишди: К.Толипов, Ҳ.Файзиев ва  Ф.Ҳусанов, сал кейинроқ эса “кузатувчи” вазифасини ўтаб келган О.Ортиқбоев ва Р.Қаландаровни қўлга олишди. Суд мажлиси давомида жиноятчилар ўз айбларини тўла тан олишди. Уларнинг барчаси ўз айбига яраша мамлакатимиз қонунчилиги талаблари асосида жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилишди.  

Хуллас, жиноятчилар қўлга олинди, айбдорлар жазосини олди. Бироқ пировардида хорижга ишга отланаётган ҳамюртларимиз учун икки оғиз гапни қистириб ўтмоқчи эдик: маълумки, Ўзбекистонда улар учун барча имкониятлар яратиб берилган. Хусусан Ўзбекистон республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ташкил этилган бўлиб, ушбу идора орқали зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан иш топиш мумкин.

Дарвоқе, энди узоқ йўл босиб, ушбу муассасага келишнинг ҳожати ҳам йўқ. Барча жараёнларни онлайн режимида бажариш имконияти мавжуд. Шунга қарамай, айрим шахсларнинг ушбу имкониятларни четлаб ўтиб, шубҳали йўллар билан хорижга кетиш учун ошиқаётганини қандай тушуниш мумкин? Уларнинг соддалиги, эътиборсизлиги ҳуқуқий саводхонликнинг етарли даражада эмаслиги ҳикоямизда тилга олинган “қаҳрамонларнинг” тегирмонига сув қуйиб тургани ғоят ачинарлидир...

Всего комментариев: 0
avatar