Главная » 2017 » Май » 8

Ўзбекистон Осиёдаги мутлақ рекорд билан жаҳонга йўл олади


  • Mirkarimoff
  • 09 Май 2017(00:02)
  • 1472
  • 0

30 апрель - 7 май кунлари давомида Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бокс бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати мезбонларнинг тўла устунлигида якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси 10та олтин медаль имкониятидан 9тасини қўлга киритиб, Осиёда янги рекорд қайд этди.

6 май кунги жангларда Ўзбекистон вакиллари 4та олтин медаль олишди.

-56 кг вазн тоифасида Мурод Аҳмадалиев Жиавеи Жангни (Хитой) нокаутга учратди. Шу куни Элнур Абдураимов (-60 кг), Исроил Мадримов (-75 кг) ва Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг) бирин-кетин ўз жангларида ғолиб чиқишди.

7 май куни яна ўзбекистонлик 5 спортчи рингга кўтарилди.

Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) ҳал қилувчи жангни мўғулистонлик Ган Эрдене Ганхуянгга қарши ўтказди ва якунда ғолиб чиқди. Дўстматов Осиё чемпионатининг ўз вазн тоифасида иккинчи бор тенгсиз бўлди. У шунингдек, турнирнинг энг яхши боксчиси сифатида тан олинди.

 

Терма жамоа ҳисобига олтинчи олтинни -52 кг вазн тоифасида иштирок этган Жасур Латипов келтирди. У жанубий кореялик Ин Кю Ким устидан ғалаба қозонди.

 

Еттинчи ва саккизинчи олтин медалларга 64 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги Иқбол Холдоров ҳамда 69 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга кўтарилган Шаҳрам Ғиёсов эга чиқди. Осиё чемпионатининг 10та вазн тоифасидаги жангларида 8та олтин медални қўлга киритиш Ўзбекистон терма жамоаси учун рекорд натижа ҳисобланарди. 

Ўзбекистон вакиллари ўз рекордини ўрнатиш билан чекланмасдан, Осиё рекордини ҳам уришди. Терманинг энг оғир вазндаги вакили Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Камишбек Конкабаевни енгди ва тўққизинчи олтинни нақд қилди. Осиё чемпионатида шу вақтгача ҳеч қайси терма жамоа 9та олтинни қўлга киритмаганди. Шу кунгача Осиё чемпионатларида икки марта (1965 Сеулда, 1987 йил Кувайтда) Жанубий Корея терма жамоаси 8тадан олтин медалга эга чиққанди. Ўзбекистон Осиё рекордини ўрнатган ҳолда Германиядаги жаҳон чемпионатига борадиган бўлди.

Турнирда Ўзбекистон 9та олтин медаль билан биринчи, Қозоғистон 1та олтин, 3та кумуш ва 4та бронза билан иккинчи, Ҳиндистон Мўғулистон терма жамолари эса 2тадан кумуш ва бронза медаллар билан учинчи ўринни бўлиб олишди.Жаҳон чемпионати шу йилнинг 23 августидан 4 сентябрига қадар Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон шарафини 10 нафар боксчи ҳимоя қилади (10 нафар боксчи орасидан фақатгина Санжар Турсунов чорак финалда енгилганди. Шунга қарамай, ўтиш учрашувида ғалаба қозонган Турсунов ҳам Германияда ўтадиган Жаҳон чемпионати чиптасига эга чиққан).

 

Всего комментариев: 0
avatar