Главная » 2017 » Декабрь » 30

Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида муҳим янги битим имзоланди


  • Ies_92uz
  • 30 Дек 2017(14:25)
  • 453
  • 0

Ўзбекистонда атом электр cтанциялари ва тадқиқот реакторларини қуриш, материалшунослик, минерал хомашё базасини тадқиқ қилиш ва бошқа йўналишлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

Россия Федерациясининг “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев бошчилигидаги делегация кеча, 29 декабрь куни Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги турли йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ушбу ташриф мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим қадамдир.
 
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Ҳужжат мазкур соҳада аниқ йўналтирилган лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган.
 
“Ўзбекистон ядро физикаси ва атом энергетикасини ривожлантириш бўйича юқори салоҳиятга эга. Ҳукуматларимиз ўртасида имзоланган битим Ўзбекистонда атом электр cтанциялари ва тадқиқот реакторларини қуриш, материалшунослик, минерал хомашё базасини тадқиқ қилиш ва бошқа йўналишлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади”, дейди Алексей Лихачев.
 
Ҳужжат тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Радиоизотопларни ишлаб чиқариш ва уларни саноат, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўллаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш истиқболдаги ўзаро фойдали ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўлади.

Всего комментариев: 0
avatar