Главная » 2016 » Январь » 16

Ўзбекистонда 2016 йилда маош, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 15 фоизга ошади


  • Admin
  • 16 Янв 2016(18:47)
  • 460
  • 0

2016 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни 15 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида таъкидлади. Жорий йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 7,8 фоиздан иборат бўлишини таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8,2 фоиз, қишлоқ хўжалигида 6,1 фоизга ошириш, чакана савдо айланмасини 14 фоиз, хизматлар кўрсатиш ҳажмини 17,4 фоизга кўпайтириш вазифаси қўйилмоқда.

Инфляция даражасини 5,5-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш, аҳолининг реал даромадларини 9,5 фоизга, ўртача иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни, солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда, 15 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ана шу вазифаларни амалга оширишда 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши ўта муҳим ўрин тутади. Нега деганда, бу дастур саноатда, бутун иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.

2016 йил учун белгиланган, умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган 164 та йирик инвестиция лойиҳасини белгиланган муддатларда сўзсиз ишга туширишни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Биринчи навбатда, Тошкент – Самарқанд – Бухоро тезюрар темирйўл қатновини йўлга қўйиш бўйича ишларни якунига етказиш, Толлимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга бўлган иккита буғ-газ турбинаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаватт қувватга эга бўлган энергия блоки, Муборак газни қайта ишлаш заводида 6 миллиард куб метр газ ишлаб чиқарадиган учта олтингугурт тозалаш блоки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис эритиш қувватига эга бўлган янги печ қурилишини тугаллаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Жиззах вилоятидаги цемент заводининг қувватини 1 миллион тоннагача портландцемент ишлаб чиқариш даражасида кенгайтириш, «Женерал моторс – Ўзбекистон» акциядорлик жамиятида янги «Авео» (Т-250) енгил автомобили ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

2016 йилда қишлоқ жойларда 1 миллион 800 минг квадрат метрдан зиёд ҳажмдаги 13 мингта уй-жой барпо этиш, узунлиги 900 километр ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, 325 километр йўл қуриш мўлжалланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, 2016 йилда иқтисодиётимизни ривожлантириш, модернизация қилиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш учун 17 миллиард 300 миллион доллар қийматидаги инвестициялар йўналтириш, уларнинг ўсиш суръатини 109,3 фоизга етказиш белгиланган. Ана шу инвестицияларнинг 4 миллиард доллардан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил қилади, бу 2015 йилга нисбатан 20,8 фоиз кўпдир.

Загрузка...
Всего комментариев: 0
avatar