Главная » 2016 » Январь » 18

Ўзбекистонлик чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини Москвада намойиш қиладилар


  • Admin
  • 18 Янв 2016(23:59)
  • 474
  • 0

“Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси ўзбекистонлик пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сара маҳсулотларини Москвада бўлиб ўтадиган МОСШУЗ-2016 кўргазмасида намойиш қилади. Кўргазма 19-22 январь кунлари Россиянинг энг замонавий кўргазма майдончаси ҳисобланувчи “Крокус Экспо” халқаро кўрагзма марказида бўлиб ўтади.

Кўргазма доирасида соҳа мутахассислари учун долзарб масалалар бўйича анжуман, семинарлар ҳамда коллекциялар намойишларини ўз ичига олувчи катта кўламдаги дастур бўлиб ўтади.

Айни пайтда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси ушбу соҳада фаолият юритувчи 252 та корхонани бирлаштиради. Уюшманинг асосий вазифаси тери хом ашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, рақобатбардош чарм маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқариш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ягона техник ва инвестицион сиёсатни юритиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, илғор технологияларни жорий қилиш, соҳа корхоналарини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашдан иборат.

Ўзбекистонда 2005-2015 йиллар давомида чарм, пойабзал ва чарм атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кенгайтиришга қаратилган инвестицион дастур амалга оширилди. Натижада 10 йил ичида Ўзбекистон чарм-пойабзал корхоналарининг экспорти ҳажми 12 мартага ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу соҳада 300 дан кўпроқ корхона фаолият юритади. Улардан 73 таси тери хом ашёсини тайёрлаш, 45 таси терини қайта ишлаш, 130 таси пойабзал ишлаб чиқариш, 50 таси чарм атторлик ва 5 таси сунъий чарм ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Айни пайтда ушбу соҳада 26 мингдан кўпроқ малакали ходимлар фаолият юритади.

МОСШУЗ кўргазмаси Шарқий Европадаги энг йирик пойабзал кўргазмаси ҳисобланиб, бир йилда 4 марта ўтказилади. Биринчи марта 1997 йилда ўтказилган. Ушбу кўргазмада 27 давлатдан, жумладан Италия, Германия, Туркия, Польша, Франция, Буюк Британия, Испания, Португалия, Финляндия, Австрия, Бразилия, Вьетнам, Хитой, Словения ва МДҲ давлатларидан пойабзал, сумка ва аксессуарлар ишлаб чиқарувчи 500 дан кўпроқ етакчи компания мунтазам равишда иштирок этиб келади.

Всего комментариев: 0
avatar